23:45
УЧ ЮЗ ОЛТМИШ АВЛИЁ

Қурбонниёз Тошқин

Қурбонниёз Тошқин Кўҳна Урганчда таваллуд топган. 30 га яқин китоблари нашр қилинган. Такубоку, Ф.Тютчев, А.Блок, Э.Воҳидов, А.Орипов ва бошқа бир қатор шоирларнинг асарларини туркман тилига таржима қилган. Мулланафас номидаги адабий мукофот совриндори.

“ОТА, ЯХШИ КЎРАР ЭДИНГИЗ…”

Ота, яхши кўрар эдингиз бирам
Махтумқули Қорли айтимларини.
Энди ул айтимлар ёдга соладир
Бахши ҳақда халқнинг айтганларини.

“Радиони ўйлаб топган одамни
Эл-юрти сийласин, ҳамма сийласин!..
Ҳар гал мен бир яшаб қоламан, ундан
Эшитганда Махтумқули Қорлининг

Даст қоқиб бошласа…
Гўрўғлибекнинг
Бедов оти – Ғири тушар ёдингга,
Зуҳра-Тоҳир зори тушар ёдингга,
Кечмишларнинг бари тушар ёдингга!..

Усиз ўтмас эди энг улкан тўйлар,
Зўр эди-да бу бахшининг санъати.
Фашист билан бўлган уруш йиллари
Эл-юрт ичра ошиб кетди шуҳрати.

Душмани ҳам тан оларди овозин,
Соз-санъатнинг олмас бир жаҳони йўқ.
Битта мисол: шу бахшига шогирд бўп
Юрганларнинг Хива ёқда сони йўқ…”

Ота, сизлар яхши кўрар эдингиз
Махтумқули Қорли айтимларини
Мана, сизни ёдлаб, эслаб турибман
Бахши ҳақда халқнинг айтганларини.

УЧ ЮЗ ОЛТМИШ АВЛИЁ

Бошимиздан шундай кунлар ҳам ўтдики, Кўҳна Урганчдаги “360 авлиё” қабристонини ўз номи билан айтолмас эдик…

Аллоҳ амри ила янги давр инди,
Эркин ёзай, ихтиёрим бор энди.
Сизлар билан қилай ифтихор энди,
Сизлар учун сўзлар топай хуш калом –
Уч юз олтмиш авлиём!

Кўргуликнинг кўпи ўтди бошимдан,
Шукур айлай, кўл тўлса-да ёшимдан.
Уч кун сўзим чиқмас эди ичимдан,
Исмингиздир тилда сано бул айём, –
Уч юз олтмиш авлиём!

Отам фақир дил-юракдан туярди,
Қудратингиз қулоғимга қуярди,
У сизни “иккинчи Каъбам” деярди,
Қийин кунда кўмак тиларди мудом,
Уч юз олтмиш авлиём!

Яшасам ҳам бугун ўзга шаҳарда,
Узоқмасман, яқиндирман кўп марта,
Дунё мени ғамга кўмса агарда,
Сизга сиғиниб, сизга бағишлай дуом,
Уч юз олтмиш авлиём!

Авлиёли элнинг мен ҳам бир ўғли,
Пок бўлсин дейман-да эл-юртнинг феъли,
Қайда юрсам, бошим силар Ҳақ қўли,
Сиз қўллайсиз, хотиржамман мен тамом,
Уч юз олтмиш авлиём!

Кўрар кўзга қадим ёдгорликдир бу,
Мерос қолган қадриятлар ахир бу,
Бари илоҳийдан ноёб, нодир бу –
Қутлуғ, сирли, азиз, табаррук дунём,
Уч юз олтмиш авлиём!

* * *

Эркка эга бўлдим – эл сабаб бўлди,
Дардга дучор бўлдим – тил сабаб бўлди.
Бор экан ҳар зотнинг вақти, макони,
Ёрга севикли бўлдим – гул сабаб бўлди.

* * *

Яхши кўзлар учун макон – гўзаллик,
Ҳам ёвузлар учун пайкон – гўзаллик.
Гўзалликка қул қилсалар, қийналмам,
Илҳомга туганмас дўкон – гўзаллик.

Туркман тилидан Юсуф Насим табдили

# ziyouz.uz

Категория: Goşgular | Просмотров: 12 | Добавил: Has | Теги: Gurbanýaz Daşgynow | Рейтинг: 0.0/0

Awtoryň başga makalalary

 
Всего комментариев: 0
Имя *:
Ähli smaýliklar
Код *: