23:51
ОДАМЛАР ОРАСИДА

Миве Тувақбоева (1952)

Миве Тувақбоева Дошўғиз вилояти, Бўлдимсоз тумани Қувонч Отабоев номидаги қишлоқда таваллуд топди. Миве Тувақбоеванинг “Саҳро қизи” (1981), “Беланчак” (1986), “Нон таъми” (1991) каби шеърий тўпламлари ва бир қанча илмий-публицистик асарлари чоп қилинган.

■ ОДАМЛАР ОРАСИДА

Денгизлар аччиғин, чучугин тотган,
Чорлоқлар мисоли суяги қотган,
Мен инсонман эзгулик-ла бахт топган
Одамлар орасида.

Гоҳи ўтган кунлар хатосин сездим,
Ўзимча яшадим, ўзимча кездим.
Маъносин изладим ҳар доно сўзнинг
Одамлар орасида.

Бетақлид яшадим ҳаёт йўлимда,
Суяниб яшадим азиз элимга,
Бахт топдим яхши ният-феълим-ла
Одамлар орасида.

Гоҳо қайғу чекдим, қалбим поралаб,
Яшамадим нопокларни соялаб,
Ватан, сенинг тузинг едим ҳалоллаб,
Одамлар орасида.

Эл-юрт шодлигини кўриб юксалдим,
Тақдирда не бўлса, мен уни олдим,
Ҳалоллик, покликнинг қадрин билолдим,
Одамлар орасида.

Юксакларда билиб оддий мартабам,
Ожизларга қўлим бериб кетарман,
Ҳали манзил узоқ, кўп йўл ўтарман,
Одамлар орасида.

Кимлар отар бўлди алдов ҳалқасин,
Кимлар мадад берди, Тангри ялқасин,
Байроқ қилиб яшанг тинчлик ҳавасин,
Одамлар орасида.

■ СУБҲ ЕЛЛАРИ

Кунчиқар ўради алвон рўмолин,
Осмон ерга нақд айлади жамолин.
Ловуллайди Тонг юлдузи, ҳилолим,
Тўхтатсанг-чи уни, субҳ еллари.

Тарқалганди энди қишнинг тумани,
Эрта баҳор олиб келдинг турнани.
Сенинг куйинг тинчлантирар уммонни,
Мақомларинг малҳам, субҳ еллари.

Мажнунтоллар эгиб турар бошларин,
Тинчин бузиб шўх-шўх қалдирғочларни,
Силаб-сийпалайсан сунбул сочларни,
Эъзозлаб эсавер, субҳ еллари.

Ҳукмрон кечага ясалиб якун,
Қайларга йўқолди юлдуз тўла тун?
Қучоғингга олиб борлиқни бутун,
Уйқудан уйғотгин, субҳ еллари.

Мен ўз тақдиримдан норозимасман,
Гулларни ҳидладим, ишқида мастман.
Салом йўлладим мен эзгу ихлосдан,
Етказинг саломим, субҳ еллари.

Оппоқ тонгда сайроқ қушлар овозин,
Жонга лаззат, шифобахш ҳавосин,
Қалбга қуйиб, жўшдир илҳом дарёсин,
Сен менинг орзуйим, субҳ еллари.

Кўриб кунчиқарнинг алвон шафағин,
Эсладим ҳаётнинг берган сабоғин.
Мен севган йигитга сенсан чопарим,
Ёшлигим ва севгим, субҳ еллари.

■ ҚАЛБИМДА БАҲОР

Яна юрагимда жўш урди баҳор,
Дийдаларда чирпинганда денгизлар.
Севги хуморидан чақинлар чақар,
Мажнунтоллар шивирлашган хуш – кезлар.

Жилоланиб баҳор келгач заминга,
Эриб битди қаттиқ туйғу тошлари.
Майин шамол, сен боғларни ардоқла,
Ҳамда олиб келгин оппоқ қушларни.

Навбаҳорда ушалганда орзуйим,
Хаёлларим оқ булбуллар ёнида.
Ниш урган майсалар, кулган иқболи,
Ишқим кўрдим ғунчаларнинг лабида.

Эҳ, эркатой шамол, шифобахш шамол,
Аввалгидек ўйнасанг-чи сочларим.
Умрим баҳорини такрорлаб, қушлар
Овозига жўр бўлишга бошлагум.

Ёмғир ёғар, кўчаларда рақс айлар,
Бу ёмғирми, ё муҳаббат мақоми?!
Осмон Ерга севгисини бахш айлар,
Инсонга ўргатиб аҳду вафони.

Туркман тилидан Олим Тўраев табдили.

Категория: Goşgular | Просмотров: 55 | Добавил: Has | Теги: Miwe Tuwakbaýewa | Рейтинг: 3.0/1

Awtoryň başga makalalary

 
Всего комментариев: 0
Имя *:
Ähli smaýliklar
Код *: