00:17
МУҲАББАТ

Мамматназар Бобоназаров (1957)

Мамматназар Бобоназаров (Mämmetnazar Babanazarow) ҳозирги замон туркман шеъриятининг ўрта бўғинига мансуб. У 1957 йили Тошўғуз вилоятининг Илонли туманида туғилган. Ашхабод давлат университетининг журналистика факултетини тамомлаган. Бир оз муддат “Адабиёт ва сунгат” (“Адабиёт ва санъат”) ҳафтаномасида хизмат қилди.
Айни вақтда “Ташўғўз хабарлари” рўзномасида ишламоқда.
Мамматназарнинг шеърлари нафис лиризм, лирик қаҳрамон фалсафий мушоҳадасининг самимий ҳамда поэтик хулосаларининг ҳаётийлиги билан ажралиб туради. Унинг шеърлари ватанни шунчаки мадҳ этмайди, балки ватан билан нафас олади. Унинг “Ошиқ Ойдин”, “Гуллар денгизи” (1986), “Ожизлик қилма, кўнглим” (1993) китоблари шеърият ихлосмандлари қўлига етиб борган. Шоир шеърлари бадиийлиги, чуқур мазмуни, самимийлиги билан ажралиб туради. Мамматназар Бобоназаров “Туркманнинг Олтин асри” танловида ҳам ғолиб бўлган.

МУҲАББАТ

Узум новдасига инибди шакар,
Юрагим тотли бир туйғу туйибдир.
Барча чучук сўзлар, ўйлаб кўрсам гар,
Айтилган… такрорлаб тилим куйибдир.

Қай бир қалб тутмайди саодатга кўз,
Кўнгил борми — янги ой тилмаган.
Лекин ер юзида яшайди бир сўз —
Ҳануз айтилмаган…

* * *

Кўнглим!
Ҳолинг нечук?
Ўнгишиқлар* қалай?
Зерикмаяпсанми? Қийин эмасми?
Ғам,
Ғалвалар билан чувалашдим талай,
Руҳ “ёддан чиқдим” деб
ғусса емасми.

Аввалгидек
баланд толлар шох ёйиб,
Шамолда шовуллар
мисли довуллар.
Ҳаётдек оқяпти ўбанинг** сойи,
Ҳар бир гул —
кичик бир гулхан ловуллар.
Уланиб боряпти
тўйлар тўйларга,
Дарёдек қўшилар
кўзларга кўзлар.
Оққушлар кўчяпти.
Мен ўй ўйларкан,
Ёзнинг ярасидек ёрилар сўзлар.

Гоҳ тўй. Гоҳо аза.
Чайқалар толлар.
Тепамдан тўкилар ёзнинг гуллари.
Кеча пичинг қилган кўп хомхаёллар
Кўзга суртар энди
умр кунларин.

Кўз ташладик.
Бизлар улкан бир дарё.
Бағримизга олдик минг-минг оққувни.
Бедор-бедор чекадирмиз жим фарёд,
Тим-тирс оқшомларда эшитсак
“Ҳув”ни…

* * *

Саллончоқдан*** тушиб, далага кетдим,
Гулларга чувалашиб, йиқилдим ерга.
Куз фасли туманлар ичинда йитдим,
Ёзда зарра-зарра соврилдим елга.

Юзимга етишди ҳилолдан шуъла,
Кўнглимга шодликнинг қайғуси тушди.
Оппоқ кечаларда айтган ашулам
Очган чечакларнинг жодуси тушди.

Саодатли бир тонг кун қилди тулу,
Буюк нур оҳиста кўрсатди йўлим.
Бир баҳор кечаси, кўксимда ғулу,
Ойнинг кокилларин силади қўлим.

Ёр бўлган ёзларим кўздан учганда,
Юрагимга оғу қуюлди-турди.
Қишларнинг ташрифи оқ юз очганда,
Ишқ сири фош янглиғ туюлди-турди.

Балки ёшлигимиз кўрки шу сахо,
Тортиндим, қаттиқ сир сақлаб ўзгадан.
Муштоқ бўлавердим, кўрмадим раво
Ёр йўлида толган икки кўзга дам.

Унут бўлса бундай туғёнлар наҳот,
Сергак торттириб ой етар додимга.
Ё дард чеккан, ё шод бўлганим заҳот
Онам ва саллончоқ тушар ёдимга.

ҚЎШИҚ

Бир қиз қўшиқ айтди, нафис оҳангли,
Гулнинг, о, ол рангни олиши ҳақда.
Қизяноқ олманинг турланиб ранги,
Бахт тимсоли бўлиб қолиши ҳақда.

Боғлар қўшиқ айтди, сурурлар истаб,
Умрим шодликларга тўлдирган вақтда.
Йиллар мени эмас, ўзларин қистаб,
Менга бу дунёни қолдирган вақтда.

Қўшиқ айтди соҳил, жўр бўп исматга,
Умидвор кузатиб кекса оққувни.
Эврилтмагай ғусса тўлган қисматга
Оппоқ булут эзгуликни, орзуни.

Шом бир қўшиқ айтди, кўнглим азоблаб,
“Бояқиш ёш ўтди, оҳ” дейилганда.
Мозорлар орасин қалин ўт қоплаб,
Ёмғир кўкдан кўз ёш бўлиб келганда.

Яйлов қўшиқ айтди. Бир ёришди тонг.
Кулгу билан қайғу келди ҳашарга.
Таскин бериб ўз-ўзига қўшиқдан,
Одамзодда юрак нафислашаркан.

* * *

Ариқ қаймоқланмиш ойнинг нуридан,
Боғдан оққан сувлар тип-тиниқ болим.
Сени кўнглим билан кўриб турибман,
Ойнинг шуъласига чўмган иқболим.

Ой, йиллар — лўлилар.
Босдилар йўллар.
Чархлади кўпларни улар ҳиммати.
Бизнинг бахтимизни эл-улус қўллаб,
Ортди-кетди бу иқболнинг қиммати.

Элимга Оллоҳ тўй учун қум ёзди,
Қизлар ороланди, бўйга етишди.
Қайноқ туғён,
салқин-салқин ноз билан
Мажнунтоллар сочи тўпиққа тушди.

Дил йўли, ёр ишқи дебон, мингларча
Дуторлар маҳкумдир чекмоқликка дард.
Чашмадай жимирлаб, тер тўкиб, чарчаб
Ҳар инсон йўл юрди ўзига қадар.

Меҳрим қизғинроқдир гулхан қўридан,
Анойи оташда сени иситдим…
Бебаҳра эмассан кўзим нуридан,
Ойнинг шуъласига чўмган қисматим.
________________
* Ўнгишиқ — “тирикчилик, кун кўриш” маъносида.
** Ўба — “қишлоқ, ўрам, овул” маъносида.
*** Саллончоқ — ҳалинчакнинг бир тури.

Матназар Абдулҳаким таржимаси

ИЛТИМОС

Чашма энгандайин бўлсин кўнглима,
Менга “Гўрўғли”ни ўқиб бер, ўғлим.
Одам ўғли мард деб тоққа юкунар,
Менга “Гўрўғли”ни ўқиб бер, ўғлим.

Умрлар, давронлар парда-пардадир,
Ватан қонингдадир, номус сардадир.
Ғайрати қояда, кўнгли ердадир,
Менга “Гўрўғли”ни ўқиб бер, ўғлим.

Адашмиш, албатта, хом сут эмгандир,
Лекин марддир, бошин эгиб келгандир,
Кўнгил мўмиёси, элдан бўлгандир,
Менга “Гўрўғли”ни ўқиб бер, ўғлим.

Туркманнинг қувончи, хаёли-ёди,
Қишларда мардона қўрабдир ёзи,
Душманга қиличу сирдошга сози,
Менга “Гўрўғли”ни ўқиб бер, ўғлим.

Тонг туриб, кеч ётдим, сурдим давронни,
Ёзим ёз бўлсин деб урдим жавлонни,
Қаддига келтирсин қари гавдамни,
Менга “Гўрўғли”ни ўқиб бер, ўғлим.

КУЗГИ ТУЙҒУЛАР

Боғлар ёнадир тўйингда,
Тилла мунчоқ оқ бўйинда,
Оғочми ҳу… ёп бўйинда,
Улкан сариқ гулмикан, ё?..

Қаддинг ўйга ботган келин,
Она мисол очиқ қўлинг,
Тўплагани сарин елнинг,
Кузги қуюқ болмикан, ё?..

Кўнгли ярим, нозикбадан,
Шохчаларни эгиб кетган,
Бу бошимга тегиб кетган,
Япроқмикан,
Қўлмикан, ё?..

Яна булут тизим-тизим,
Эзил кўнглим, шубҳа-музим,
Бу йиғлаган сенми, кўзим,
Ё, улмикан,
Улмикан, ё?…

Туркман тилидан Юсуф Насим табдили.

# ziyouz.uz

Категория: Goşgular | Просмотров: 15 | Добавил: Has | Теги: Mämmetnazar Babanazarow | Рейтинг: 0.0/0

Awtoryň başga makalalary

 
Всего комментариев: 0
Имя *:
Ähli smaýliklar
Код *: